Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи Республикамиздаги бой тарихга эга бўлган илмий маърифий маскан хисобланади. Музей Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 975-сонли қарори асосида Андижон вилоят Ўлкашунослик ва Адабиёт ва санъат музейлари негизида қайта ташкил этилган. 1934 йилда қишлоқ хўжалиги кўргазмаси асосида ташкил этилган. Музейнинг бўлим ва филиаллари 6 та биноларда жойлашган.

. Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи бош биносида тарих бўлимининг “Қўҳна ва навқирон Андижон” экспозицияси, шунингдек, табиат бўлимининг “Водийнинг табиати, ўсимликлари ва ҳайвонот дунёси” ҳамда музей фондида сақланаётган вилоятимизнинг таниқли рассом ва халқ амалий санъати усталарининг кўргазмалари мавжуд. Экспозициялар 2017 йилда қайта ташкил этилган. Музейга аҳолини, айниқса, сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида ушбу экспозиция ва кўргазмалар мунтазам равишда янгиланиб, янги экспонатлар билан бойитилиб турилади.

Тарих бўлими экспозициясида Фарғона водийсида давлатчиликнинг келиб чиқиши, шаклланиши ва тараққиёт тарихи ноёб осори-атиқалар орқали қўрсатиб берилган.

Андижон Фарғона водийсининг энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Шаҳарнинг пайдо бўлиши ҳақида ёзма манбалар жуда кам бўлганлиги туфайли, ўлка тарихини ўрганишда археологик тадқиқотларга таянишига тўғри келади. Бир неча йиллар давомида музей томонидан Самарқанддаги ЎзФА археология институтининг археолог олимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий экспедициялар натижасида вилоятимиздаги мавжуд 200 дан ортиқ қадимий археологик манзилгоҳлардан Далварзинтепа, Эйлатан, Шўртепа, Ғайраттепа, Чордона, Мингтепа ва Лўмбитепа каби ёдгорликларда қазишма ишлари олиб борилди. Ушбу манзилгоҳлардан топилган ашёлар музей экспозициясида намойиш этилмоқда.

Дастлабки экспозициядаги ибтидоий тузум даврини ифодаловчи экспонатлар Фарғона водийси ҳудудида жуда қадимда, энг қадимги тош даври – илк палеолит давридаёқ ҳаёт бўлганлигидан дарак беради. Ўлкамиз худудида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида топилган далилий ашёлар ўлкамиз Шарқ цивилизациясининг энг қадимги ўчоқларидан бири бўлганлигидан гувоҳлик беради. Андижон тупроғи худудидан топилган энг қадимги манзилгоҳлардан бири бронза даврига оид бўлган Жалалқудуқ туманидаги Далварзин шаҳарчаси бўлиб, у Чуст маданиятига хосдир.

Эрамиздан аввалги II-асрда Фарғонага ташриф буюрган Чжан-Цзянь маълумотларида айтиб ўтилган Довон давлатидаги 70 шаҳарнинг 20 таси очиб ўрганилган ҳамда экспозицияда кенг ёритилган.

Деҳқончилик ва чорвачилик асосида ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, ҳунармандчиликнинг ривожланиши, диний тафаккур ривожида зардуштийликка асос солиниши қадимий Шарқнинг юқори даражада ривожланган марказлари билан ўзаро маданий алоқалар, мураккаб ички тузилмаларга эга бўлган қалъа ва илк шаҳарларнинг пайдо бўлиши йирик давлатларнинг ташкил топишида катта роль ўйнади.

Экспозицияда намойиш этилаётган аждодларимизнинг эрамиздан аввалги I ва эрамизнинг I минг йилликларида маданияти юқори бўлганлигини ўзида мужассам этган ашёлар мазмун моҳиятининг ранг –баранглиги билан ажралиб туради. Буларнинг кўпчилиги дунё маданияти ва санъатининг бебаҳо намуналари ҳисобланади. Ўзбек халқининг ўрта асрлардаги буюк маданий мероси ҳам экспозицияда ўз ифодасини топган Экспозицияни яратишда қуйидаги даврларга алоҳида эътибор қаратилган.

1.Фарғона водийси худудида энг қадимги инсонлар ҳаётига оид топилма ва манзилгоҳлар. Палеолит , мезолит , неолит, ва энеолит (милоддан аввалги 1 миyu йиллик ав-мил ав 1минг йиллик бошлари ).
2.Бронза давридаАндижон (Чуст маданияти, Далварзин, Эйлатан)
3.Илк давлатчиликдавридаАндижон. Довон (Паркана) (мил. Ав IX-VIII-мил. V-асрлар. )
4.Илк ўрта асрлар даврида Андижон. Ғарбий Турк хоқонлиги (V-VIII асрлар)
5.Ривожланган ва сўнгги Ўрта асрлардаврида Андижон (X-XII асрнинг 1 ярмида)
6.Темур ва темурийлар давридаАндижон. Темур ва темурийлар даврида фан ва маданиятни ривожланиши ва З М. Бобурнинг жахон маданиятига қўшган хиссаси.
7.Шайбонийлар даврида Андижон