Yuklanmoqda...
Diqqat! Sayt test holatida ishlamoqda!

Tarix bo'limi ekspozitsiyasi

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг 3 қаватида ўлка тарихи, маданияти ва этнографиясининг қадим ва буюк меросидан давлолат берувчи «Тарих» бўлими жойлашган. Бўлим хронологик кетма-кетлик бўйича инсониятнинг энг қадимги дарларидан то ҳозирги кунга қадар бўлган жараёнлар, моддий ва маънавий меросисимизни акс эттирувчи экспонатлар жойланган.

Тарих бўлимининг бошланиш қисмида Фарғона водийсининг палеолит даврининг энг муҳим манзилгоҳлари бўлмиш Селунғур ғори, Қопчиғай дарасининг ўрганилиши, бу манзилгоҳлардан топилган тош меҳнат қуроллари ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, бу даврларни тасвирий восита орқали ёритиб бериш мақсадида палеолит давридаги ов жараёнини акс эттирган диарама ҳам ўрнатилган.

  Кейинги қисмда водийда милоддан аввалги II-I мингйилликларни ўз ичига олувчи бронза даври ҳақида маълумот берилади. Бронза даврининг Фарғона водийсидаги машҳур Қўштепа II ва V манзилгоҳларини ўрганиш натижасида тўпланган тош меҳнат қуролларининг энг ноёблари экспозициядан ўрин олган.

Фарғона водийсида милоддан аввалги ХII-VII асрлар «Чуст маданияти» номи билан аталади. Ушбу даврнинг батафсил ўрганилган манзилгоҳларидан бири – Далварзинтепадир. Ушбу археологик ёдгорлик Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида жойлашган бўлиб, археологик майдони 25 гектарни ташкил этади. Далварзинда 1952 йилдан бошлаб археолог Юрий Заднепровский қазишма ишларини олиб борган.  

  Текшириш ишлари, асосан, ёдгорликнинг марказий қисми ва шарқий мудофаа девори томонида амалга оширилган. Тадқиқотларнатижасида Далварзиннинг уч қисмдан иборат эканлиги ва ҳар бири алоҳида мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги аниқланган.

Музей экспозициясида Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган Мингтепа ёдгорлигига алоҳида ўрин ажратилган. Ушбу ёдгорлик тарихий манбалар ҳамда археолог-олимларнинг маълумотларига кўра, қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда Даван деб келтирилади) номи билан машҳур давлатининг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб тахмин қилинади. Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли” да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.